Ўрта Осиё ва Тошкент-Оренбург темир йўллари қурилишининг бошланиши билан Амударё флотилияси юк ташиш хизматининг аҳамияти янада ортди: «Ўрта Осиё темир йўллари қурилиши муносабати билан Амударё сув йўли, бир томондан, Афғонистондан, жанубий-шарқий ва дарё соҳилидаги Бухородан, Хива ва Амударё бўлимидан Чоржўй станцияларига олиб келинган юкларни Европа Россиясига йўналтиришда табиий кириш йўли ҳисобланса, иккинчи томондан, ўша сув йўли рус маҳсулотларининг Чоржўйдан биз билан чегарадош, Амударё соҳилларида жойлашган ерларга ташишда хизмат қилади».
Темир йўл шахобчаларининг қурилиши Туркистонда аҳоли зич яшайдиган барча туманларни ўзаро боғлади. Бу шаҳобчалар йирик пахта заводлари ва корхоналарга ҳам етазилди. Натижада, ўлкада етиштирилган пахта толаси, мева, ипак ва бошқа товарлар Россия бозорларига ташила бошланди. Фақат Хива хонлигигина темирйўл орқали боғланмаган эди.. Тошкент-Оренбург темирйўли қурилиши билан Орол денгизида ҳам кемалар қатнови авж олди. Шундан кейин Хоразм пахтаси, Чоржўй орқали айланма йўл билан ташилмасдан. Амударё орқали Орол станциясига етказилиб берилла бошланди.